Пресса о нас

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатларини бартараф этиш шароитида бухгалтерия ҳисоби ва аудит
Region.uz -- 2009 йил 8-9 октябрь кунлари Тошкент шаҳрининг “Пойтахт” Бизнес Марказида, “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатларини бартараф этиш шароитида бухгалтерия ҳисоби ва аудитнинг сифатини ошириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги, БМТ Ривожланиш Дастурининг “Ўзбекистонда давлат молия ислоҳоти” лойиҳаси ва Ўзбекистон бизнес фанлар ўқитувчилари ассоциацияси томононидан ташкиллаштирилди. 

“Ўзбекистонда давлат молия ислоҳоти” лойиҳаси фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади: Ўзбекистонда бюджет тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмурчилиги тизимини такомиллаштириш; Давлат солиқ қўмитасиининг салоҳиятини ошириш ва кодексининг нормаларини аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтириш, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисоби ва аудит тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш; бухгалтерия ҳисоби милий стандартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва аудиторлик хизматларининг сифатини ошириш, Молия вазирлиги қошидаги Ўқув Марказининг салоҳиятини ошириш ва ундаги ўқув жараёнларини такомилллаштириш, Суғурта соҳасидаги ривожланиш ва унга тегишли бўлган қонунчилик тизимини такомиллаштириш. 

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз, нафақат жорий жаҳон молия ва банк тизимини, балки инқироздан зарар кўрган ҳар бир мамлакатнинг ички молиявий тизимининг камчиликлари ва жиддий ислоҳотларга муҳтож эканлигини яққол намойиш этди. Шу билан бирга, мавжуд инқироз бухгалтерия ҳисоби ва аудит тизимларининг камчиликларини ҳам ойдинлаштириб берди. Натижада, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ташаббуслар, жаҳон бозорига интеграциялашган ҳар бир мамлакатга бухгалтерия ҳисоби ва аудит сифати ва ишончлилигини оширишга қаратилган алоҳида мажбуриятларни аниқлаб бердилар. 

Дилноза Султонова, Ўзбекистон Бизнес фанлар ўқитувчилари Ассоциацияси бошқаруви раиси: “Бугунги кунда жаҳонда бўлаётган молиявий инқироз оқибатларини олдини олиш масаласида бухгалтерия ҳисоботи ва аудит стандартларида бир қанча ўзгартиришлар киритилмоқда. Мазкур ўзгаришлар нималардан иборат? Қайси йўналиш бўйича кетмоқдамиз? Шуларни аниқлаб оламиз. Бунинг учун халқаро экспертларни таклиф қилганмиз. Биз шунингдек, Ўзбекистондаги бухгалтер ва аудиторлар билан ишламоқдамиз. Ўзбекистонда олиб борилган оқилона сиёсат сабабли бизда жаҳон молиявий инқирози унчалик сезилмади. Молия вазирлиги молиявий ҳисоботларни бисқичма-босқич халқаро стандартларга ўтишини таъминлашга ҳаракат қилаётганлиги сабабли, конференцияда ўрганилган янгиликлар асосида миллий стандартларимизга айрим ўзгартириш киритишни мақсад қилиб қўйганмиз. Конференция давомида ҳам хорижий, ҳам миллий экспертларнинг маърузалари тингланади. Бу эса нафақат биз улардан, балки улар ҳам бизлардан ўрганишаётганидан, тажриба алмашинаётганидан далолатдир”. 

Бобби Барнс, Бухгалтерларни тайёрлаш бўйича ўқув курси/семинарли тренинг директори: “Бир нарсани қайд этишни истардимки, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жаҳонда юз бераётган молиявий инқироз сабабаларини кенг ёритмоқда. Айниқса, АҚШ, Европа ва бошқа қитъалардаги вазиятлар шундан далолат бериб турибди. Мисол учун, АҚШни оладиган бўлсак, инқироз унинг асосан шарқий қисмларига зарар етказди, бошқа ҳудудларда вазият ижобий. Лекин умуман олганда аҳоли ҳозирги вақтга келиб ўз маблағларини етти ўлчаб бир кесган ҳолда сарфламоқда. Инқироз биржа ва бошқа молиявий ташкилотларга салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонни оладиган бўлсак, юртингизга жаҳон молиявий инқирозининг салбий таъсири унчалик ҳам сезилмади. Бунинг сабаби, сизларда аввалдан пухта ўйланган пул-кредит сиёсатининг тўғри олиб борилаётганлигидир. Жаҳоннинг илғор тажрибасини ўзида мужассамлаштирган ҳолда миллий андозаларга асосланган бухгалтерлик ва аудиторлик ҳисоботини янада юқори поғонага олиб чиқиш зарур. Ана шундагина Ўзбекистон ўзининг бундан кейинги иқтисодий юксалишини давом эттиради”. 

Ян Тил, Жаҳон банкининг Молиявий ҳисобот соҳасидаги ислоҳотлар маркази Молиявий бошқарув катта мутахассиси: “Ҳозирги вақтда Жаҳон ва Америка қитъасида турли хилдаги тадбирлар амалга оширилмоқда. Улардан аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, масалан Америкада иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун давлат жудаям кенг миқёсда сармоялар ажратмоқда. Европадаги ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда молиявий архитектура қайтадан кўриб чиқилиб, янги бир тузилмани ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу сармоя бозорида юз берадиган салбий ўзгаришлар ҳақида мувофиқлаштирувчи органга хабар берувчи бир ташкилот тузишга ҳаракат қилаяпмиз. Европада яна бир институт, Европадаги турли хилдаги мамлакатларни мувофиқлаштирувчи органлари орасида маълумотлар алмашинувини йўлга қўювчи ташкилот яратмоқчимиз. Ўйлаймизки, ана шу институтлар ўз фаолиятини амалга оширадиган бўлса, ҳаммаси кўнгилгидек бўлади. 

Мазкур конференция давомида биз ҳозирда амалга оширилаётган ва тугалланишига озгина қолган лойиҳа ҳақида маълумот бермоқчимиз. Бу ҳисобот аввалам бор Ўзбекистонда халқаро бухгалтерия ва аудит стандартларига ўтиш билан боғлиқ. Мана бугунги тадбирга молия вазирлигидан ҳам келишган, улар билан ҳам бу борада маслаҳатлашиб оламиз. Умид қиламанки, бу молиявий ҳисобот жараёнини янада сифатлироқ бўлишини таъминлайди”. 

Шарофиддин Ҳайдаров, ЎзР Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи: “Ҳозирда бутун дунёда ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб турган бир пайтда Ўзбекистонда бунинг акси бўлаяпти. Бу демак, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг самараси деб биламиз. Албатта шундай жараёнджа бухгалтерия ҳисоби ва аудит алоҳида аҳамиятга ва ўз ўрнига эга соҳа ҳисобланади. Чунки, бухгалтерия ҳисоботи корхоналарнинг кўзгуси ҳисобланади. Инвесторлар, кредиторлар ва ундан ахборот сифатида фойдаланувчилар учун асосий манба - бухгалтерия ҳисоботидир. Шу сабабли жаҳон молиявий инқирозига бухгалтерия ҳисоботи ва аудитнинг таъсири бор бўлган омил сифатида қарашимиз мумкин. Чунки, инқирознинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда бухгалтерия ҳисоботларида учраган ноаниқликлар ва уларнинг аудиторлар томонидан ўз вақтида қайд этилмаганлиги деб ҳам кўрсатилаяпти. Шу сабабли ҳам, Тошкентда ташкиллаштирилаётган халқаро конференция айнан ана шу бухгалтерия ҳисоботи ва аудит масалаларига бағишланган. Ҳозир халқаро бухгалтерия ҳисоботи ва аудит ҳисоботи стандартларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Чунки, бугунда қўйилаётган асосий мақсад ҳисоботда фойдаланувчилар учун керак бўлган барча маълумотлар ўз аксини топиши тақазо этилмоқда. Ана шу жиҳатдан бугунги кунда республикамиздаги олимларимиз, амалиётчиларимиз, давлат органлари ходимлари билан бирга дунё даражасидаги экспертларни таклиф қилган ҳолда ана шу муаммоларни ҳал қилмоқчимиз. Бир қатор муаммолар муҳокамага қўйилган ва ундан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда ҳам бухгалтерия ҳисоби ва аудитда халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ва айнан халқаро стандартлар талабларига мос келадиган миллий ҳисоб тизимимизни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир босқичи деб биламиз. 

Халқаро конференциямизнинг биринчи иш куни бухгалтерия ҳисоби муаммоларига бағишланган. Халқаро молиявий инқирознинг келиб чиқиш сабаблари, унга таъсир қилган омиллар ва улар келгусида қандай йўналишларга эга бўлаётгани каби масалалар муҳокама қилинади. Бухгалтерия ҳисобининг энг долзарб муаммолари, халқаро стандартларга киритилаётган ўзгартиришларнинг муҳокамаси кўзда тутилган. 

Халқаро конференциямизнинг иккинчи иш куни аудит муаммоларига бағишланган. Бугунги кунда халқаро аудитнинг стандартларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Ана шу ўзгартиришлар нималардан иборат? Асосий эътиборни нималарга қаратиш кераклиги иккинчи кунги мастер-классларда кўриб чиқилади. Ўзбекистондаги миллий ҳисоблар тизими айнан халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган. Бугунги кундаги бизнинг ҳисоб тизимимиз халқаро стандартлардан деярли фарқ қилмайди. Шу билан бирга иқтисодиётимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳам ҳисобга олган. Шунинг учун ҳам бугунги кунда муҳокама қилинаётган масалалар барча амалиётчиларимиз томонидан жуда яхши қабул қилиниб, улар фаол равишда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда”. 

Мазкур ҳалқаро конференция, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) ва Аудитнинг халқаро стандартлари (IAS) юзасидан ахборот ва жаҳон тажрибасини айирбошлаш, ҳамда жаҳон моливий-иқтисодий инқироз сабаби билан бухгалетрия ҳисоби ва аудитга нисбатан оширилган талабларга риоя қилиш жараёнини рағбатлантириш мақсадида уюштирилди. Ушбу тадбир натижасида, миллий ва ҳалқаро мутахассислар икки томонлама қизиқишни уйғотувчи масалаларни музокара қилиш ва ҳамкорликнинг янги қирраларини аниқлаш имкониятига сазовор бўлдилар. 

Шу жумладан, конференция давомида жаҳонда IFRS ва IAS соҳаларининг етакчи мутахассислари Бобби Барнс ва Ян Тил молиявий ҳисобот (IAS 1), молиявий инструментлар таҳлили ва ҳисоботи (IAS 32, 39, IFRS 7), инвестицион мулк (IAS 40), активларнинг қадрсизланиши (IAS 36), ўзгарувчан иқтисодиёт шароитида специфик ҳавфларнинг ҳисоботи ва баҳоланишининг муаммолари, глобал инқироз шароитида аудит ҳавфларининг ўзига ҳос доираси, ҳамда IFRS ва IASларга чамбарчас боғлиқ бошқа масалаларга бағишланган мастер-классларни ўтказдилар. Шундай қилиб, ўтказилган халқаро конференция, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида халқаро алоқалар ўрнатишга кўмаклашувчи платформа яратиш, ҳамда тажриба ва фикр айирбошлаш каби ўта муҳим вазифаларни муваффақиятли бажарди.


http://region.uz/news.php?id=6860&lan=uz

Смотрите в этом разделе: